Ер участкалари сув омборларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари доирасида электрон аукцион орқали берилади. Уни ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги 978-сон қарори билан тасдиқланган. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Кўрсатилган ҳудудда қуйидаги туристик хизматларни ташкил этиш мумкин бўлади:

экотурлар (илмий, саргузашт ва бошқалар);

ҳаваскорлар учун балиқ ови;

қайиқда сузиш, сув саёҳати;

сув омборлари дамбалари устида кўриш майдончалари ташкил қилиш;

кемада саёҳат;

яхтинг;

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда туризм хизматларининг бошқа турлари.

Тасдиқланган рўйхат бўйича экотуризм учун ер участкаларини юридик ва жисмоний шахслар «E-IJRO AUKSION» электрон савдолар орқали исталган муддатга, лекин 50 йил муддатдан кўп бўлмаган узоқ муддатли ижарага олишлари мумкин.

Сув хўжалиги вазирлиги аукционни ўтказиш учун масъул ҳисобланади. Аукционга қўйиладиган ер участкалари бўйича савдоларни ташкил этиш учун ушбу вазирлик олдиндан улар бўйича тегишли ташкилотларнинг (ёнғин хавфсизлиги бўйича ҳудудий бўлимлар; санэпидемназорат марказлари ва бошқалар) ижобий хулосалаларини олади. Хулосалар олингандан кейин аукционни ўтказиш учун материаллар тайёрлашни бошлайди.

Бўлиб ўтадиган савдолар ҳақидаги ахборот босма ва электрон ОАВда тарқатилади. Шунингдек маълумот туман (шаҳар) ҳокимияти, ССП ва Давлат хизматлари агентлигига юборилади. Булар, ўз навбатида, жисмоний ва юридик шахсларни аукционга кенг жалб қилиш чораларини кўради.

Савдолар ўтказилиши ҳақидаги хабар уни ўтказишдан камида 7 кун олдин Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш марказининг (кейинги ўринларда — Марказ) веб-порталида жойлаштирилади. Аукционда иштирок этиш учун буюртманомалар хабар берилган кундан бошлаб автоматик режимда Марказ сайтида қабул қилинади. Буюртманомаларни қабул қилиш аукцион ўтказиладиган кундан 2 иш куни олдин (соат 13:00 да) якунланади.

Агар иштирокчи 5 иш куни мобайнида аукцион объекти қийматини тўлиқ тўласа, у аукцион ғолиби деб топилади ва унга аукцион натижалари ҳақида баённома расмийлаштирилади. Баённоманинг иккинчи нусхаси туман ҳокимлигига юборилади, ҳокимлар 2 иш куни мобайнида ер участкасини тақдим этиш тўғрисида қарор чиқарадилар.

Келгуси йиллар учун ижара тўлови ижарачи тадбиркор томонидан охирги белгиланган ижара тўлови миқдори ва қолган ижара муддатидан келиб чиқиб даврий (чораклик, ойлик ёки ижара шартномасида кўрсатилган муддатларда) тўланади.

Туристик хизматларни ташкил этишнинг мавсумийлигидан келиб чиқиб, ижара тўловлари тадбиркорлик субъекти томонидан унинг фаолият кўрсатган даври учун тузилган жадвал орқали тўланиши мумкин.