Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев Беларусь давлатига қилган ишчи ташриф давомида бу ерда йўлга қўйилган спорт мутахассисларини тайёрлаш тизими билан танишди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мактабгача ва ўрта таълим муассасалари, спорт мактаб-интернатлари ҳамда олимпия захиралари мактаблари учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлашда спорт таълими ва диверсификациянинг аҳамиятига урғу бериб ўтилди.

Ташриф давомида Беларусь Республикаси миллий терма жамоалари захирасини таъминлашда ҳамда умумий ва ўрта муассасалари учун юқори малакали спортчиларни тайёрлашда таянч муассаса ҳисобланган Республика давлат олимпия захиралари билим юртида спорт мутахассислари тайёрлаш тажрибаси ўрганилди. Ўзбекистон делегацияси томонидан мазкур билим юртига ўқувчиларни танлаб олиш ва тайёрлашда амалга қилинаётган тизим ҳамда тегишли йўналишлари бўйича ўқув режа ва дастурлар ўрганилди. Томонлар беларуслик мутахассисларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистондаги олимпия захиралари мактаб-интернатларида ушбу тизимни жорий этиш бўйича келишиб олишди.

Шунингдек, делегация Беларусь давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига ташриф буюриб, олий таълим муассасаси ўқув базаси (енгил атлетика манежи, сузиш ҳавзаси, тренажёр, батут ва чигал ёзди заллари), спорт соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш жараёнининг ташкил этилиши ҳамда университетнинг кафедралараро ўқув-илмий-тадқиқот лабораторияси билан танишдилар.

Музокаралар якунида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети базасида Беларусь давлат жисмоний тарбия ва спорт университети билан ҳамкорликда факультет очиш орқали таълим дастурини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

2019−2020 ўқув йилидан бошлаб ҳамкорликдаги факультетда кадрлар тайёрлаш «2+2» тартибида амалга оширади, бунда талабаларга 2 йил Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети базасида назарий билимлар ўқитилса, кейинги 2 йил Беларусь давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг ўқув-амалий (спорт) базаларида таълим берилади.

Бундан ташқари, томонлар қишки спорт турлари бўйича тренерлар таркибини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олишди.