Тошкентнинг асосий Янги йил арчаси Истиқлол кўчасидаги Навоий номидаги кутубхона қаршисига ўрнатилди, дея хабар қилди пойтахт ҳокимияти матбуот хизмати.

Халқлар дўстлиги ҳамда Тошкент давлат цирки олдидаги Хадра майдонлари, Next ва Compass савдо-кўнгилочар марказлари яқинида ҳамда Roison Electronics корхонаси яқинидаги Ал Хоразмий мавзесида яна бешта арча ўрнатилади.

Бундан ташқари, пойтахтнинг ҳар бир туманида Янги йил арчалари ўрнатилган қўшимча майдончалар ташкил этилади. Туманлар ҳокимиятлари пойтахт ҳайвонот боғи, Ecobozor савдо мажмуаси, Green Park ҳудудларида, «Ашхобод», «Дўстлик», «Экопарк», Мирзо Улуғбек номидаги Central Park истироҳат боғлари, Алишер Навоий номидаги Катта театр қаршисидаги майдон, Миллий банк яқинида, Темирйўлчилар маданият саройи ҳамда Бектемир туман Маданият ва истироҳат марказида ҳам байрам тадбирларини ўтказади.