Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов пайшанба куни Lufthansa авиакомпаниясининг МДҲдаги минтақавий директори Рональд Шульц билан ҳамкорлик тўғрисида музокаралар ўтказди, дея хабар қилди Туризмни ривожлантириш бўйича давлат қўмитаси «Газета.uz"га.

Lufthansa Германия авиакомпаниясининг Ўзбекистонга доимий парвозларини ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этди. Ҳозирда Lufthansa «Франкфурт-Боку-Ашхобод» йўналиши бўйича қатновларини «Франкфурт-Боку-Тошкент"га ўзгартиришни мўлжалламоқда. Бошланғич босқичда ҳафтасига учта рейсни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон томони ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Учрашувда Ўзбекистондаги қатор минтақавий аэропортлар, жумладан Қарши ва Андижондаги аэропортлар учун «очиқ осмон» тамойилини жорий этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Томонлар Германия авиакомпанияси Ўзбекистонни Европадан Жануби-Шарқий Осиёга амалга оширилувчи рейслар учун транзит авиацион хаб сифатида кўриш мумкинлигини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ — 1993 йилдан 2001 йилгача — Lufthansa Тошкентдан Франкфуртга доимий йўловчи рейсларини амалга оширган. Йўналиш 2001 йил 11 сентябрь ҳодисаларидан сўнг авиаташувларга талаб тушиб кетгани муносабати билан ёпилди. Рейслар 2010 йилда қайта тикланди, бироқ тез орада яна тўхтатилди.