2018 йилда 1177 нафар мансабдор шахс коррупцияга қўл ургани учун жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Конституцияси кунига бағишланган тадбирда президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаб ўтди.

«Телевизорда ҳар куни кўриб турибсиз: банкда, ҳокимиятда, шифохонада, прокуратурада, ички ишлар органларида [коррупция]. Қачон бу касалликдан халос бўламиз? Қачон бутун мамлакат бўлиб унга қарши курашамиз? 1177 мансабдор шахс орасида вилоят ҳокимлари ҳам бор», — деди давлат раҳбари.

Коррупция билан Ўзбекистон ҳеч қачон олдинга қўйилган мақсадларга эриша олмайди. «1177 киши, бу — жуда катта рақам. Бу нима дегани? Бу жамиятимиз адолат, ҳалоллик, масъулият, халқ эҳтиёжларини қондириш, халққа хизмат қилиш каби тушунчалардан ҳали узоқлигидан далолат беради», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталарида коррупцияга қарши кураш қўмиталарини тузишни таклиф қилди.