26 ноябрь куни аралаш жанглар устаси Мурод Хонтўраев Тошкент марказидаги офисида бир гуруҳ ниқобланган номаълум шахслар томонидан пичоқланган эди. Мазкур ҳолат тасвирланган видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Sevimli телеканали «Замон» дастурининг хабар қилишича, айни вақтдан барча гумондорлар шахсига аниқлик киритилган.

Тошкент ИИББ Ахборот-мультимедия маркази вакилининг телеканалга маълум қилишича, ҳозирда ушбу воқеанинг барча иштирокчилари шахсига аниқлик киритилган. Бироқ Жиноят-процессуал кодексига асосан жиноят иши бўйича лозим бўлган тергов ҳаракатлари бўйича бошқа маълумотлар ошкор қилинмади.

Эслатиб ўтамиз, спортчининг пичоқланиши видеога тасвирланган ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Тошкент ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б» ва «в» бандлари (безорилик, бир гуруҳ шахслар томонидан совуқ қурол ёки кишининг соғлиги учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб) бўйича жиноий иш қўзғатилди.