5 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон президенти томонидан Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги йиғилишида белгилаб берилган Ўзбекистон мудофаа қудратини мустаҳкамлаш борасидаги устувор йўналишларидан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Рахимжон Ҳакимов, Ўзбекистон мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Азизбек Икромов иштирок этди.

Мажлисда мудофаа вазирининг ўринбосари Хавфсизлик кенгашининг 28 ноябрдаги йиғилишида Ўзбекистон президенти томонидан кўтарилган масалалар ҳамда ўтган бир йил давомида вазирлик тизимида амалга оширилган ишлар хусусида ҳисобот берди.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, 2018 йилда ҳарбий хизматчилар учун 74 та турар жой учун уйлар қурилган бўлиб, 2200 га яқин хонадонлар узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида ҳамда 614 та хизмат хонадонлари қурилиб, фойдаланишга топшириш учун тайёрланмоқда (2017-йилда эса 56 та уйда 1224 та хонадон ипотека керити асосида ҳамда 416 та хизмат хонадонлари ҳарбий хизматчиларга берилган эди). Жорий йилда 500 нафарга яқин ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий ўқув юртларига ўқишга кирган бўлса, уларнинг 338 нафари имтиёзли квота асосида талабаликка қабул қилинган. Шунингдек, 1999−2000 йилларда Сурхондарёда содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлган 26 нафар қаҳрамоннинг бюстлари ўзлари ўқиган мактабларига ўрнатилган.

Йиғилиш давомида Ўзбекистон мудофаа салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган бир қатор таклифлар ҳам билдириб ўтилди. Жумладан, ҳарбий хизматга чақирув муддатини февраль ойидан мартнинг охири — апрель ойларига кўчириш, мавжуд ҳарбий техникани модернизация қилиш, уни сақлаш шароитини яхшилаш, айрим эҳтиёт қисмлар ва аслаҳаларни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш, таъмирлашни йўлга қўйиш, эскириб кетган низом ва қўлланмаларни бугунги кун талабига мослаштириш таклифлари санаб ўтилди.

Бундан ташқари йиғилишда бир қатор камчиликлар ҳам санаб ўтилди, хусусан, Қуролли Кучларда маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш бўйича тизимли ва комплекс тадбирлар ташкил қилинган бўлса-да, ўтказилган тадбирларнинг ҳарбий хизматчиларга таъсири ва натижадорлигини баҳолаш мезони мавжуд эмаслиги, Мудофаа вазирлиги «Ватанпарвар» Бирлашган таҳририяти ҳамда Қуролли Кучлар Медиа марказининг ўрни ва аҳамияти сезиларли даражада эмаслиги таъкидланди.

Ҳарбий пенционерарни жамиятга мослаштириш мақсадида жамоат ташкилотлари билан биргаликда реабилитация марказларини ташкил этиш, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини иш билан таъминлаш каби масалалар ҳам эътибордан четда қолмади.

Йиғилишда Азизбек Икромов томонидан юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари вазирлик ва идораларининг ҳамкорликдаги ҳаракатларини ахлоқий-руҳий таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ахлоқий-руҳий таъминот консепцияси"ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифи билдирилди.

Таъкидлаш керакки, Олий Мажлис биносида биринчи марта ташкил этилган қурол-аслаҳа кўргазмаси йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Барча иштирокчилар намойишга қўйилган замонавий қурол-аслаҳалар ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун мўлжалланган янги дала кийим намуналари билан танишди.