Пайшанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг «Фонограмма тайёрловчиларнинг манфаатларини уларнинг фонограммаларини ноқонуний такрорланишидан муҳофаза қилиш тўғрисида"ги конвенцияга (1971 йил 29 октябрь, Женева), қўшилиши тўғрисида"ги масала кўриб чиқилиб, қабул қилинди, дея хабар қилди Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўзининг Telegram-каналида.

Депутатнинг маълум қилишича, 1971 йилнинг октябрида Женевада имзоланган Фонограмма тайёрловчиларнинг манфаатларини уларнинг фонограммаларини ноқонуний такрорланишидан муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенция турдош ҳуқуқлар соҳасидаги келишув ҳисобланади.

«Сўнгги йилларда овозли ёзувларни турли кўринишдаги ташувчиларда такрорлаш имконини берувчи техник воситаларнинг тез ривожланиб бориши арзон „қароқчи“ дискларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш ҳажмининг кескин ортишига олиб келди ва бу ҳолат фонографик саноат учун жиддий хавф сола бошлади. Яъни турли диск ва флешкаларда мусиқаларни муаллифнинг рухсатисиз шунчаки кўчириб олиш амалиётини бунга мисол қилиб айтсак бўлади», — деб ёзади депутат.

Расул Кушербаевнинг таъкидлашича, айни пайтда фонограммалардан ноқонуний тарзда нусха кўчириш ва Ўзбекистон ҳудудида мазкур фонограммаларнинг контрафакт нусхаларини тарқатиш, шунингдек, уларни ноқонуний тарзда тарқатиш каби ҳолатлар туфайли фонограмма тайёрловчиларнинг ҳуқуқлари бузилмоқда. Шу муносабат билан миллий фонограмма тайёрловчилар маҳсулотларининг хорижда тарқатилишида ва хорижлик фонограмма тайёрловчилар маҳсулотларининг Ўзбекситон ҳудудида тарқатилишида ҳар икки тоифа ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга масала бўлиб турибди.

Конвенция доирасида белгиланган асосий мажбуриятларга кўра, Ўзбекистон конвенция иштирокчиси ҳисобланган бошқа давлатларнинг фонограмма тайёрловчиларига уларнинг фонограммаларидан носакциявий нусха кўчирилиши, шунингдек, уларни носанкциявий тарзда тарқатиш мақсадида республикага олиб кирилиши ва мазкур фонограммаларнинг контрафакт нусхаларини унинг ҳудудида тарқатилишидан муҳофаза қилишни ўз бўйнига олади. Худди шу мажбуриятлар конвенцияни имзолаган бошқа давлатлар учун жорий этилган бўлиб, ўз ўрнида мазкур давлатлар ҳудудида ўзбекистонлик фонограмма тайёрловчилар фонограммаларининг тарқатилишида ҳам юқорида назарда тутилган муҳофаза тақдим этилади.

«Оддий сўз билан айтганда, Женева конвенцияси фонограммаларнинг контрафакт нусхаларини турли тегишли моддий жисмларда тиражлаштирилиши ва тарқатилишига қарши курашиш учун мўлжалланган», — дейди Қонунчилик палатаси вакили.

Конвенция 13 та моддадан иборат бўлиб, Женева конвенциясига кўра чет эллик фонограммага бўлган ҳуқуқ эгалари учун миллий режим миқёсида муҳофаза тақдим этилиши талаб этилмайди, балки иштирокчи-давлатлар зиммасига фонограмма тайёрловчиларга чекланган хатти-ҳаракатлар рўйхати бўйича муҳофаза тақдим этишни юклайди. Яъни:

  • фонограммалар нусхаларини фонограмма тайёрловчиларнинг рухсатисиз ишлаб чиқариш (нусхаларни тарқатиш), агар нусхалар омма ўртасида тарқатиш учун ишлаб чиқарилаётган бўлса;
  • иштирокчи-давлат ҳудудида ҳуқуқ эгаларининг рухсатисиз ишлаб чиқарилган шундай нусхаларни олиб кириш (импорт қилиш), агар ушбу нусхалар омма ўртасида тарқатиш учун олиб кираётган бўлса;
  • ҳуқуқ эгаларининг рухсатисиз ишлаб чиқарилган фонограммаларни омма ўртасида тарқатиш.

Ҳозирги кунда Конвенцияда 79 та давлат, шу жумладан, МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатларининг кўпчилиги (Арманистон, Озарбайжон, Белоруссия, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Украина, Эстония, Латвия, Литва, Молдова) иштирок этмоқда. Фонограмма тайёрловчи — фонограммадаги овозларни биринчи бўлиб ёзган жисмоний ёки юридик шахс ҳисобланади. Конвенция фонограммани алоҳида овозли исталган ёзув сифатида белгилайди.

Фонограммалар тўғрисидаги конвенция бирон-бир махсус қоидаларни белгиламайди, балки қароқчилик ҳаракатларининг олдини олиш ёки бундай ҳаракатлар учун жазо тайинлашнинг юридик механизмларини танлашни аҳдлашаётган томонлар ихтиёрида қолдиради.

Қароқчиликка қарши курашни янада кенг кўламда ташкил этиш мақсадида мазкур халқаро келишув Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таркибига кирувчи барча мамлакатлар, БМТга алоқадор ҳар қандай ихтисослашган ташкилотлар, шунингдек, Халқаро суд Устави иштирокчиси бўлган барча мамлакатлар (дунёнинг деярли барча мамлакатлари) учун очиқдир.

Фонограммалар тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ муҳофазани олиш учун фақатгина миллийлик мезонига жавоб бериш талаб этилади. Бироқ 1971 йилнинг октябригача биринчи қайд этиш жойини ҳисобга олган ҳолда муҳофаза тақдим этган ҳар қандай иштирокчи-мамлакат БМТ Бош котибига декларация топшириш орқали мазкур мезонни қўллаши ҳақида маълум қилиши мумкин.

Шу тартибда нафақат фонограммаларни тарқатиш (тиражлаштириш)дан, балки мазкур фонограммаларни ноқонуний тарқатиш, уларнинг дубликатларини ноқонуний тарқатиш, шунингдек, бундай дубликатларни тарқатиш мақсадида импорт қилишдан ҳам муҳофаза кафолатланади (2-модда). Бошқа томондан қараганда, муҳофаза даражаси фонограммалардан иккинчи бор фойдаланилганда мукофот олинишини кафолатламайди. Фонограммалар тўғрисидаги конвенция қоидалари қандай воситалар ёрдамида бажарилиши миллий қонунчилик ихтиёрида қолдирилган. Муҳофаза фонограммаларга муаллифлик ҳуқуқини тақдим этиш, махсус (турдош) ҳуқуқларни тақдим этиш йўли билан ёки инсофсиз рақобат тўғрисидаги қонунлар меъёрларини ёхуд жарима санкцияларини қўллаш воситасида амалга оширилади.

Фонограммалар тўғрисидаги конвенцияда муаллифлик ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги каби чекловлар ҳам белгиланган. Бордию, репродукция қилиш таълим бериш ёки илмий изланиш мақсадида амалга оширилаётган бўлса, мамлакат ҳудудида мажбурий лицензиялаштиришдан фойдаланишга рухсат этилган. Бунда муаллифлик ҳуқуқи эгасига одилона миқдорда белгиланган мукофот тўланиши лозим.

Муҳофазанинг минималь амал қилиш муддати: агар миллий қонунчиликда ҳимоялашнинг маълум муддати назарда тутилган бўлса, муҳофазанинг минималь амал қилиш муддати фонограмма биринчи бор ёзилган йил охиридан ёки фонограмма биринчи бор эълон қилинган йил охиридан бошлаб 20 йилдан кам бўлмаслиги керак. Ўзбекистон қонунчилигида эса 50-йиллик муҳофаза муддати белгиланган.

Фонограммалар тўғрисидаги конвенцияга, шунингдек, ижрочиларга оид қоидалар ҳам кирилган. 7-моддага кўра, мамлакатларнинг миллий қонунчилиги зарурат пайдо бўлганда фонограммада ижроси акс этган ижрочилар учун кафолатланган муҳофаза даражасини, шунингдек, бундай ҳимояни олиш шартларини белгилаши мумкин. Конвенцияда ретрофаол муҳофаза тақдим этилиши назарда тутилмаган, яъни мамлакатнинг конвенцияга қўшилиш санасигача эълон қилинган фонограммаларга нисбатан муҳофаза тақдим этишини талаб этмайди.

«Фонограмма тайёрловчиларнинг халқаро муҳофазаси, шунингдек, фонограммалардаги фольклор асарларни чет элларда ноқонуний тарқатишдан муҳофазалашга ҳам имкон яратади», — дея хулоса қилади депутат.