Turkish Airlines компанияси келгуси йилнинг апрелидан Тошкент ва Истанбул ўртасидаги авиақатновлар сонини кунига икки мартагача, Истанбул-Самарқанд йўналишида эса — ҳафтасига уч мартагача оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Turkish Airlines компаниясининг сотиш бўйича вице-президенти Тунжай Эминоглу маълум қилди.

«Ўзбекистон биз учун жуда муҳим ва истиқболли бозор. Ўзбекистон фуқаролари Туркияга учишдан манфаатдор бўлса, Туркия фуқаролари ҳам Ўзбекистонга ташриф буюришдан манфаатдор. [Туркия фуқаролари учун] визаларнинг бекор қилиниши ҳаво ташувларининг ўсишига олиб келди.Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада яхшиланди», — деди у Истанбулда ўзбекистонлик журналистлар билан учрашувда.

Ўтган йили Истанбулдан Тошкентга «Турк ҳаво йўллари» ҳамда «Ўзбекистон ҳаво йўллари» кунига биттадан рейсни амалга оширган. Март ойида Истанбул ва Самарқанд ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилди. Ҳозирда турк ташувчиси Тошкентга ҳафтасига 10, Самарқандга 2 рейс амалга оширмоқда.

«Туркия фуқароларидан ташқари, бошқа мамлакатлардан, айниқса Европа, жумладан Испаниядан кўплаб ташриф буюрувчилар Ўзбекистонга учмоқда. Шунинг учун «Турк ҳаво йўллари» мазкур йўналишни ривожлантиришдан манфаатдор, дея қайд этди Тунжай Эминоглу.

Авиакомпания бошқа шаҳарлар, жумладан Бухорога ҳам рейслар очишга қизиқиш билдирмоқда. «Биз ҳар доим Бухорони салоҳиятли йўналиш сифатида кўрганмиз ва у ерга учишни истаганмиз, — деди ташувчи вакили. — Биз ўз ҳамкоримиз — „Ўзбекистон ҳаво йўллари“ билан мазкур масала бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз».