24 ноябрь-2 декабрь кунлари Туркиянинг Конья шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасида Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида муваффақиятли иштирок этган ўзбекистонликшахматчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Шахмат бўйича Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида ташкил этилган маросимда Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Мактабгача таълим вазири Агрепина Шин, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари иштирок этишди.

Тадбир давомида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси ўринбосари Ҳусан Турдалиев сўзга чиқди.

Шундан сўнг шахмат олимпиадаси қаҳрамонлари — Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидовга Ўзбекистон Республикаси президенти совғаси — «Спарк» автомобиллари топширилди.

Мураббий Сайдали Йўлдошевга эса Миллий олимпия қўмитаси номидан 15 000 000 сўм миқдоридаги мукофот пули тақдим этилди.

Маросимда сўзга чиққан Нодирбек Абдусатторов кўрсатилаётган эътибор учун ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.

Маълумот учун, терма жамоанинг яна бир аъзоси, 12 ёшли Жавоҳир Синдаров октябрь ойида халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлгани учун Шавкат Мирзиёев томонидан 3 хонали уй билан тақдирланганди.