Тошкентда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва Корея Республикасининг Геонжи Даэжин технопарки ҳамкорлигида Ўзбекистон — Жанубий Корея тўқимачилик технопарки фаолиятига бағишланган бизнес-брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Унда Корея технопарки делегацияси вакиллари, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси, тўқимачилик корхоналари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Брифинг давомида кореялик экспертлар гуруҳи томонидан иштирокчиларга Тошкентдаги тўқимачилик технопарки фаолияти ва вазифалари, мамлакат тўқимачилик саноатини ривожлантиришдаги ўрни ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

— Бугунги кунда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти томонидан мингдан ошиқ талабалар мазкур технопарк фаолиятига жалб этилган бўлиб, тизимли ишлар олиб борилмоқда, — дейди «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси бўлим бошлиғи Сардор Одинаев. — Жумладан, яқин уч йил ичида юздан ортиқ талаба, магистр, илмий ходимлар Жанубий Кореянинг бир қатор университет ва технопаркларида малака ошириб қайтди. Биз технопаркни ривожлантириш йўналишларини белгилаб олдик. У нафақат илмий ишланмалар, балки янгилик, стартап ғояларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан боғлиқ бўлади. Тўқимачилик технопаркимиз очилиши 2019 йилнинг баҳор ойларига режалаштирилган.

Брифингда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва Корея Республикасининг Геонжи Даэжин технопарки ўртасида тўқимачилик соҳасида ҳамкорлик бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Шунингдек, тадбирда жорий йилнинг ноябрь ойида Корея Республикасида муваффақиятли амалиёт ўтаган соҳа мутахассисларига сертификатлар топширилди.