Халқаро теннис федерацияси президенти Дэвид Хаггерти Ўзбекистон Теннис федерациясига «Жаҳон теннисини ривожлантиришдаги улкан ҳиссаси учун» махсус мукофотини топширди. Мукофотлаш маросими 1 декабрь куни Манилада (Филиппин) Осиё теннис федерациясининг йиллик конгресси доирасида бўлиб ўтди.Ўзбекистон теннис федерацияси президенти Рустам Иноятов эса «Ўзбекистонда теннисни ривожлантиришга қўшган бебаҳо ҳиссаси ва теннисга кўп йиллик содиқлиги учун» алоҳида мукофот билан тақдирланди. У 1999 йилдан бери спорт ташкилотига раҳбарлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматини (МХХ) 23 йил бошқарган Рустам Иноятов 31 январь куни ўз лавозимини тарк этди. Ҳозирги пайтда у президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Олий Мажлис Сенатининг ислоҳотларни мувофиқлаштириш ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.