Психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш юзасидан Урганч шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан навбатдаги тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Mahalladosh.uz хабар берди.

Унда таркибида психотроп моддаларни сақловчи 200 дона «Трамадол» таблеткаларини уйида қонунга хилоф равишда 525 000 сўмга сотаётган, Урганч шаҳрида яшовчи, 1983 йилда туғилган Собир Турдиев (исм-фамилияси ўзгартирилган) қилмишлари фош этилди. Ана шу турдаги таблеткалардан яна 3 800 донасини келгусида сотиш мақсадини кўзлаб сақлаб қўйгани унинг уйида ўтказилган тинтув жараёнида аниқланди.

Худди шундай Боғот тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир жараёнида, шу туманда яшовчи, 1987 йилда туғилган Носир Каримов ўзида психотроп моддаларни сақловчи 5 та конвалютада жами 50 дона «Трамадол» таблеткаларини танишига қонунга хилоф равишда 180 000 сўмга сотаётганида қўлга олинди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.