Жорий йилнинг 9 ойи давомида Олий судга назорат тартибида жами 21 489 та (2017 йилда 26 475 та) мурожаат келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан назорат тартибидаги мурожаатлар сони 4 986 тага ёки деярли 19 фоизга камайган. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Назорат тартибида келиб тушган мурожаатларнинг 8593 таси фуқаролик, 9050 таси жиноят ишлари бўйича, 2082 таси маъмурий, 1764 таси иқтисодий судлар ҳисобига тўғри келади.

Ҳисобот даврида келиб тушган назорат тартибидаги мурожаатлар юзасидан Олий суд томонидан жами 4341 та (2017 йилда 825 та) иш чақиртирилиб, шикоят (ариза)да келтирилган важлар иш ҳужжатлари асосида ўрганилиб, тегишли ҳуқуқий баҳо берилган.

Судлов ҳайъатлари томонидан иш чақиртириб ўрганилган назорат тартибидаги мурожаатларнинг 1562 таси ёки 36 фоизи (2017 йилда 14 фоиз) қаноатлантирилган.

Шунингдек, бугунги кунда Олий суд ва қуйи судлар раҳбариятининг шахсий қабуллари орқали фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш амалиёти кенг жорий этилмоқда.

Бунинг натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Олий суд раҳбарияти томонидан 12534 нафар фуқаро шахсий қабул қилиниб, 9194 та ёзма мурожаат белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш учун қабул қилинган.

Мазкур ишларнинг самарадорлигини ошириш, фуқароларни ўзлари яшаб турган ҳудуддан чиқмаган ҳолда масофавий шахсий қабул қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан «Ўзбекистон Республикаси Олий суди раҳбариятининг 2018 йил давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини видеоконференцалоқа режимида шахсий қабул қилиш бўйича тадбирлар» режаси тасдиқланган.

Мазкур режага асосан судлар фаолиятига жорий этилган видеоконференцалоқа тизими орқали Олий суд раҳбарияти томонидан ҳисобот даврида 512 нафар фуқаро шахсий қабул қилинган. Шахсий қабулда топширилган 238 та мурожаат белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш учун қабул қилиб олинган.

Видеоконференцалоқа тизимининг судлар фаолиятига жорий этилиши фуқароларга яшаб турган ҳудудларидан чиқмаган ҳолда суд мажлисларида қатнашиш, суд раҳбарияти томонидан масофавий шахсий қабулларни амалга ошириш имкониятини берди. Бу эса ўз навбатида фуқароларга нафақат вақтларини, балки, маблағларини ҳам тежашларига хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга Олий суд раҳбариятининг жисмоний шахслар ва юридик шахс вакилларини жойларга чиқиб сайёр қабул қилиш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар режасига асосан ўтган даврда республиканинг барча ҳудудларида сайёр қабуллар ташкил этилди.

Мазкур сайёр қабулларда 5 мингга яқин фуқаро иштирок этиб, улар томонидан жами 2110 та ёзма мурожаат билдирилган. Мазкур мурожаатлар Олий суд раҳбарияти томонидан белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш учун қабул қилиб олинган.

Амалга оширилган ишлар натижасида ҳисобот даврида Олий судга келиб тушган назорат тартибидаги мурожаатларнинг 43 фоизи (2017 йилда 12 фоиз) Олий суд раҳбариятининг шахсий қабулларида топширилган.

Олий суд раҳбариятининг шахсий қабулларида топширилган мурожаатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6 837 тага ёки деярли 75 фоизга ошган.

Шахсий қабулларда топширилган мурожаатларнинг 3 954 таси ёки 42 фоизи ўзининг ижобий ечимини топган. Яъни, ушбу мурожаат муаллифларининг ариза ва шикоятлари қаноатлантирилган ёки уларга тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Суд тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг вакилларини шахсий қабул қилиш, бу борадаги фаолиятни янада яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган амалий ислоҳотлар натижасида бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш (тиклаш)ни сўраб судга мурожаат қилаётган фуқароларнинг сони ҳам ошмоқда.

Буни фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошганлиги билан бирга уларнинг судга мурожаат қилиши учун кенг имконият ва қулай шароитлар яратилганлиги билан ҳам баҳолаш мумкин.