Видеоконференц-алоқа тарзида ўтказилган Олий суд Пленумида Олий суд судьялари, жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий ва иқтисодий судлар, ҳарбий судлар раислари ва судьялари, Олий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабар берди.

Олий суд раиси К. Комилов бошқарган Пленум мажлисида «Судлар томонидан фуқаролик ишларини апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида», «Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг фуқаролик ишлари бўйича айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», «Судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўришни тартибга солувчи қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида» ва «Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция ва кассация тартибида кўриш амалиёти тўғрисида"ги Олий суд Пленуми қарорлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда таъкидланганидек, муҳокама этилган Пленум қарорлари фуқаролик ва маъмурий ишларни қонуний ҳамда адолатли ҳал этишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга, қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, шунингдек янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади.

Шунингдек, йиғилишда Пленум қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини аҳолига, тадбиркорларга, давлат органлари ва ташкилотлар ходимларига, фуқаролик ишлари бўйича судлар ва маъмурий судлар судьяларига тушунтириш бўйича вилоятларда ва маҳаллаларда тадбирлар амалга оширилиши лозимлиги қайд этилди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.