Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги арафасида Фарғона шаҳрида 5-оилавий поликлиника иш бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Тиббиёт муассасаси «Барака файз инвест» МЧЖ бунёдкорлари томонидан барпо этилди. Қурилиш ишларига 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Вилоят ҳокимлиги кўмагида 300 миллион сўмлик мебель жиҳозлари билан таъминланди.

— Ҳудуддаги 53 мингдан зиёд аҳолига 24 нафар малакали шифокор ва 105 нафар ҳамшира тиббий хизмат кўрсатади, — дейди мазкур оилавий поликлиника мудири Феруза Мадалиева. — Уч қаватли шифо масканида тиббий хизмат ва муолажалар замонавий тиббий ускуналар ёрдамида бажарилади. Муассаса «Электрон поликлиника» автоматлаштирилган ахборот тизимига уланган. Бу эса автоматлаштирилган ҳолда рўйхатга олиш, фуқароларнинг ягона электрон тиббий картасини юритиш, онлайн тарзда шифокор қабулига ёзилиш имконини беради.