Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан тақиқланган ёки сифати кафолатланмаган товарларни ноқонуний йўллар билан олиб киришга бўлган бир нечта уринишлар фош қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан «Яллама» чегара божхона постига «Нексия» русумли автотранспорт воситасида кириб келган З.А. исмли фуқаро божхоначиларда шубҳа уйғотди.

Оғзаки савол жавобдан сўнг, холислар иштирокида ушбу шахснинг қўл юклари божхона кўригидан ўтказилганда, республикага тегишли рухсатномаларсиз олиб кирилиши тақиқланган ҳамда белгиланган меъёрлардан ортиқча бўлган нархи 5,3 млн. сўмлик 1 дона учувчисиз учиш аппарати, 1 дона электрошокер, 14 шиша коньяк ва вискиларни ноқонуний равишда Ўзбекистонга олиб кираётгани аниқланди.

«Ғишткўприк» чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган Х.Т.нинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганида эса оғзаки сўровда тақдим қилинмаган ҳамда тегишли меъёрдан ортиқча бўлган қиймати 6,8 млн. сўмлик 19 турдаги, 342 дона кўзойнакни яшириб олиб киришга урингани зое кетди.

Мазкур пост ходимларида шубҳа уйғотган яна бир фуқаро А.Ш. холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганда, йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрсатилмаган ҳамда оғзаки сўровда тақдим қилинмаган, бел ва оёқ қисмларига скотчлаб яширилган ҳолда қиймати 2,4 млн сўмлик 48 дона уяли алоқа воситаларини республикага олиб кираётганида тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текшируви олиб борилмоқда.