Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЮНИСЕФ иштирокида Ўзбекистонда болалар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича омбудсман тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» нашри хабар қилди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган болалар ва ёшларга оид сиёсат Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Бола ҳуқуқлари бўйича БМТ конвенцияси ва бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар қоидаларига асосланади.

Тадбирда қайд этилишича, ўтган йиллар даомида Меҳрибонлик уйларидаги тарбияланувчилар сонини қисқартиришга эришилган. 2005 йилда 28 та муассасада уч мингдан ортиқ болалар яшаган бўлса, айни пайтда 19 та Меҳрибонлик уйи ва учта болалар шаҳарчасида 2441 нафар бола тарбияланяпти.

Шунга қарамай мамлакатда болалар ва ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш фаолияти бўшлиги кузатилмоқда, дейилди тадбирда.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси раиси Ренате Винтернинг фикрича, болалар омбудсмани мустақил бўлиши керак. Бу вояга етмаганлар ҳуқуқлари ва манфаатларини илгари суришда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, болалар омбудсмани ва инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман бюджети алоҳида-алоҳида бўлиши ҳам долзарбдир. Зеро, бу унинг мустақиллигини таъминлайди.

Халқаро эксперт Ўзбекистон болалар омбудсманини жорий этишда болалар ва ёшларнинг ҳуқуқларини ўттиз ёшгача ҳимоя қилиш бўйича кенг ёш қамровини белгилаб олган, деб ҳисоблайди. «Бу амалиётда айрим муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Сабаби мактаб ўқувчиси ва 25 ёшли инсоннинг қизиқишлари ҳамда муаммолари турличадир», — деб ёзади нашр.

Шунинг учун мутахассислар ушбу мезонни қайта кўриб чиқишлари зарур. Айни чоғда болалар омбудсмани ёш авлод ҳуқуқлари бузилиши бўйича суриштирув олиб бориш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан зарур маълумотларни олиш ҳуқуқига эга бўлиши даркор.

Ренате Винтер айтиб ўтганидек, болалар омбудсмани фаолият юритадиган давлатларда мактабларга кираверишда «Ишонч телефонлари» ўрнатилган. Шу орқали болалар турли масалалар бўйича мурожаат қилишлари мумкин. Шундай қилиб, болаларда уларни ҳимоялашга қодир инсон борлигига нисбатан ишонч ҳосил бўлади.

Давра суҳбати иштирокчиларининг фикрича, болалар омбудсмани фаолияти бола шахси, унинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялашни кучайтириш борасида жамоатчилик дунёқарашини юксалтиришга хизмат қилади. Бу давлат тузилмалари, ота-оналар ва васийларга ҳам бирдек тааллуқлидир.