Жорий йилнинг 29 ноябрь — 3 декабрь кунлари Беларусь Республикаси пойтахти Минск шаҳрида таэквондо ITF йўналиши бўйича ёшлар, кадетлар ва катталар ўртасида жаҳон кубоги мусобақалари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Дунёнинг 18 давлатидан 1975 нафар спортчи иштирок этган ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини 53 нафар спортчи ҳимоя қилишди. Делегацияга Ўзбекистон таэквондо ITF ассоциацияси раҳбари Лазиз Хасанов бошчилик қилди. Ўзбекистонлик спортчилар мусобақада 18 та олтин, 9 та кумуш ва 18 та бронза медални кўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.

Маълумот учун, 8−9 декабр кунлари Тошкентда таэквондо ITF спорт тури бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақалари бўлиб ўтади.