Россия Техник назорат ва метрология федерал агентлиги (Росстандарт) Ravon 5219 дона Nexia R3 русумли автомобилни кўнгилли равишда қайтариб олишга рози бўлгани тўғрисида хабар қилди.

«Равон Моторс Рус» компанияси маълумотларига кўра, 2017 йил май ойидан 2018 йил мартигача бўлган муддатда сотилган (VIN-кодлар — PDF) автомобиллар қайтариб олинмоқда.

«Транспорт воситаларининг қайтариб олинишига пружинали хомутнинг босиб турувчи кучи етарлича бўлмагани сабабли металл қувур билан чиқариш шлангининг алмаштириб қўйилгани эҳтимоли борлиги сабаб бўлди», — дейилади хабарда.

«Равон Моторс Рус» вакиллари қайтариб олиш рўйхатидаги Nexia R3 эгаларига хат ёзиш ёки қўнғироқ қилиш орқали яқин атрофдаги дилерлик марказларига транспорт воситаларини таъмирлаш учун олиб боришни маълум қилмоқда. Автомашина эгаларининг ўзлари ҳам автомобиль VIN-коди кўрсатиб ўтилган рўйхатга мос келса, мустақил равишда яқин атрофдаги дилерлик марказлари билан боғланиб, таъмирга ёзилишлари мумкин.

Транспорт воситаларида бошқарув чамбараги шланг тизимига қўшимча иккита хомут ўрнатиш ишлари олиб борилади. Бу ишлар бепул амалга оширилади.