Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 1 декабрдаги қарори билан Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Адлия вазирлигининг хабар қилишича, 2019 йил 1 июлдан бошлаб йўл ҳаракати қатнашчилари мобиль видеокамерасиз фаолият олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга эканлиги белгиланди.

Низомга мувофиқ ЙПХ ходими хизмат вазифасини амалга оширишда қуйидагиларга мажбур:

  • вазифаларини мобил видеокамерадан фойдаланиб олиб бориш ва бу ҳақида йўл ҳаракати қатнашчиларига маълум қилиш (2019 йил 1 июлдан);
  • йўл ҳаракати қатнашчиси тўхтатилганда унинг олдига бориш, ўзини таништириш, лавозими, унвони фамилияси ҳақида маълумот бериш ҳамда уларга «Сиз» деб мурожаат қилиш;
  • тиббий ёрдамга муҳтожларни белгиланган жойга олиб боришда фуқароларга ёрдам кўрсатиш;
  • ҳайдовчини тезликни оширгани ҳақидаги махсус мосламанинг кўрсаткичлари билан таништириш, талабига кўра мосламанинг қиёслаш сертификатини кўрсатиш.

Йўл-патрулва патруль-пост хизматларининг барча ходимлари мобил камералар билан фаолият олиб бориши зарурлиги тўғрисида президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг декабрида Олий Мажлис палатасига мурожаатида маълум қилган эди. Дастлаб уларни татбиқ этишни шу йилнинг февралидан бошлаш режалаштирилди.