Фарҳод Ибрагимов Mirzo Ulugbek Innovation Center Инновацион маркази директори лавозимини тарк этди, дея хабар қилди «Газета.uz"нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси. Марказни 2017 йил 1 декабрдан буён бошқариб келаётган Фарҳод Ибрагимов ноябрь ўрталарида лавозимини тарк этган эди, бироқ MUIC мазкур ахборотни рад этди. Марказга Нодир Деҳқонов директор этиб тайинланди.

MUIC марказидаги ахборот манбаси маълумотларига кўра, марказда кадрлар таркиби тарқатиб юборилган, Фарҳод Ибрагимов эса АКТ вазирлиги тузилмасида ишлашни бошлаган. MUIC матбуот хизмати ўзгаришлар юзасидан изоҳ бермади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 30 июндаги фармони билан ташкил этилган Мирзо Улуғбек номидаги Инновация марказининг мақсади иқтисодиёт соҳаларига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини марказлаштириш, ахборот технологиялари маҳсулотлари ишлаб чиқувчилари ва буюртмачиларига қўшимча имтиёзлар, преференцияларни тақдим этишдан иборат. Унинг келгусидаги режалари номаълум. Айни пайтда АКТ вазирлиги ҳузурида Ҳиндистон билан ҳамкорликда Дастурлар ва инновацион маҳсулотлар технопарки ташкил этилмоқда.