Ўзбекистон Марказий банки хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги курсларини белгилади.

АҚШ доллари 15,6 сўмга қимматлаб, 8314,85 сўмга етган бўлса, евро 3 сўмга арзонлаб, 9408 сўмни ташкил этди.

Долларнинг сўмга нисбатан курси 7 июлдан буён мустаҳкамланиб бормоқда. Ўшанда доллар курси 6,8 фоизга мустаҳкамланган эди (7783,05 сўмдан).

Марказий банк сентябрда август ойидан бошлаб алмашув курси динамикасига ташқи омиллар, айниқса асосий савдо ҳамкорлар бўлган давлатлар миллий валюталарининг қадрсизланиши (Россия — 19 фоиз, Қозоғистон — 17 фоиз, Хитой — 9 фоиз, Туркия — 56 фоиз) таъсири кучайганини қайд этган эди. Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу давлатлар валюталари курсларининг кескин ўзгариши сўм алмашув курсига бир ойдан уч ойгача бўлган муддатдан кейин ўз таъсирини кўрсатади.

МБ раиси Мамаризо Нурмуратов ноябрь ойи охирида банк бошқаруви йиғилишида валюталар курсига ташқи омилларнинг катта таъсир кўрсатиши икки ойдан етти ойгача бўлган муддатда ўз аксини топишини тасдиқлаган эди.

«Ёзда жуда кўп валюта келди, айни пайтда унга талаб юқори бўлмади. Курс тушишни бошлади, биз бозорга қўшимча пулларни чиқариб, инфляция учун замин яратган ҳолда ортиқча валюталарни сотиб олишни бошладик. Энди валюта бозоридаги операциялар механизмини такомиллаштирамиз. Биз хурсандчилик билан валюта сотиб олиб, курсни тушира олмаймиз. Учинчи ва тўртинчи чоракларда бизда валютага талаб ортади», — дя изоҳ берган эди у.

Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов «Газета.uz"га Ўзбекистон иқтисодиёти «кредитлашнинг юқори суръатларини ҳазм қила олмагани"ни маълум қилди.

«Биз тезроқ ўса олмаймиз, у ҳолда ортиқча қизиб кетишлар, инфляцияга босимлар бўлади. Ўтган даврда кузатганимиздек, бозордаги иқтисодиёт ҳазм қила олмайдиган ортиқ ресурслар (кредитлар) қаергадир кетиши керак. Бизнинг ҳолатда бир қисми валюта бозорига кетди ва хорижий валютага талабнинг ошишига олиб келди, бошқа қисми эса инфляцияга босим ўтказди», — дея изоҳ берган эди.