Хоразм вилоятининг иккита шаҳри ва учта туманига янги ҳокимлар тайинланди, дея хабар қилди вилоят маъмурияти матбуот хизмати «Газета.uz"га. ўзгаришлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29−30 ноябрь кунлари вилоятга ташриф буюрганидан сўнг амалга оширилди.

Хоразм вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Абдуллаев Урганч шаҳри ҳокимиятига раҳбарлик қилади. 22 октябрдан Фрунзе Шарипов шаҳар ҳокими вазифасини бажариб келаётган эди.

2013 йилдан буён GM Uzbekistan Хоразм вилояти филиали бошқарувчи директори сифатида фаолият юритиб келаётган Собир Жуманиёзов Хива маъмуриятига раҳбар бўлди. Аввал ушбу лавозимда Эркин Якубов ишлаган.

Муқаддам Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекциясининг Хоразм вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Алишер Салаев Гурлан туманининг янги ҳокими бўлди. Қаҳрамон Мадраҳимов туманнинг аввалги ҳокими эди.

Хоразм вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи бўлган Ўктам Машарипов эса Янгибозор тумани ҳокими этиб тайинланди. У Озод Мадраҳимов ўрнини эгаллади.

2014 йилдан буён Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси бўлиб ишлаган Равшан Жабборов Хазорасп тумани ҳокими лавозимига тайинланди. У Ўктамбой Қурбонов ўрнига ушбу мансабда иш олиб боради.

Бундан ташқари, вилоят Солиқ бошқармасининг собиқ бошлиғи Қудратбек Эгамбердиев вилоят ҳокимининг иқтисодий ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланган. ДСБга эса Ҳурмат Абдукаримов янги бошлиқ бўлди.

Аввал хабар қилганимиздек, Хоразм вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Эрманов ҳоким лавозимига тасдиқланган эди.