30 ноябрь куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Хоразм вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига биноан Хоразм вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажариб келаётган Фарҳод Эрманов Хоразм вилояти ҳокими этиб тасдиқланди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Фарҳод Эрманов 1958 йилда туғилган. Илгари Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, Беруний тумани ҳокими лавозимларида ишлаган.

Кейинги етти ойда у Хоразм вилояти ҳокими вазифаларини бажаришда синовдан ўтган. Халқ депутатлари кенгашининг партиялар гуруҳлари билан ўтказилган маслаҳатлашувларда ҳам Фарҳод Эрманов номзоди қўллаб-қувватланган.

Аввалроқ Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят прокурори, ички ишлар ва солиқ бошқармалари бошлиқлари вазифаларига ҳам янги раҳбарлар тайинланган эди.

Президент вилоят раҳбарлари Хоразм халқи билан бир тану бир жон бўлиб, бугун белгилаб берилган вазифаларни тўла бажариши, иқтисодиётни ривожлантириш ва одамлар ҳаётини яхшилаш бўйича кутилган натижаларга эришиши зарурлигини таъкидлади.

Сессияда қайд этилишича, Жорий йилда вилоятда 312 та инвестиция лойиҳаси бажарилиб, янги корхоналар ишга туширилган. Йил якуни бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 16 фоиз, экспорт 22 фоиз ўсиши кутилмоқда.

100 та давлат ва хусусий мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиб, болаларни боғчаларга қамраб олиш 33 фоизга етган.

Хоразм учун муҳим бўлган электр энергияси ва тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ҳам муайян ишлар қилинди. 254 километр электр, 456 километр сув тармоқларида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.

Президент ўтган даврда яратилган иш ўринлари етарли эмаслиги, вилоятда ишсизлик сақланиб қолаётганини таъкидлади. Иқтисодиёт тармоқларини кўпайтириш, янги саноат корхоналари ташкил этиш ва мавжудларини кенгайтириш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали бандлик даражасини ошириш бўйича топшириқлар берди.