Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикасида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Қарорга мувофиқ, қуйидагилар сув таъминоти ва канализация тизимларини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

  • сув таъминоти ва канализация корхоналарини, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқариш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасида илғор хорижий тажрибани босқичма-босқич жорий қилиш;
  • сув таъминоти ва канализация соҳасида ҳисобга олиш ҳамда мониторинг қилишни таъминлайдиган замонавий ахборот ва ресурс тежовчи технологияларни жорий этиш, республикадаги барча истеъмолчиларни ичимлик сувини ҳисобга олувчи замонавий асбоблар билан жиҳозлаш;
  • турар жой комплексларини қуришда санитария талабларини, шу жумладан, маҳаллий тозалаш иншоотларини қўллаш орқали таъминлаш мақсадида канализация объектларини ичимлик суви таъминоти объектлари билан биргаликда лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда реконструкция қилиш;
  • ичимлик суви ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларини ўзи тўлиқ қоплашини таъминлайдиган, сув таъминоти ҳамда канализация объектларини бошқариш ва улардан фойдаланишга хусусий секторни жалб қилиш имконини берадиган янги тариф сиёсатини ишлаб чиқиш орқали сув таъминоти ва канализация корхоналарининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш;
  • сув таъминоти ва канализация соҳаси мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига 2019 йилнинг 1 январига қадар халқаро маслаҳатчилар жалб қилинган ҳолда, қуйидагиларни назарда тутувчи 2020−2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида сув таъминоти ва канализация соҳасини ривожлантириш концепциясининг лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди:

  • сув таъминоти ва канализация соҳасининг аҳволи ва уни ривожлантириш йўналишларини комплекс таҳлил қилиш;
  • аҳолини ичимлик суви ва канализация хизматлари билан таъминлашнинг мақсадли кўрсаткичлари;
  • сув таъминоти ва канализация объектларини бошқариш ва улардан фойдаланиш соҳасига хусусий секторни жалб қилиш;
  • тармоқнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, тўғридан-тўғри, аввало, хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
  • илғор ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион ечимлар, шунингдек, ичимлик сувини ҳисоблашнинг замонавий асбобларини жорий этиш.

Ўзбекистон резидентлари бўлмаган юридик шахслар қуйидаги лойиҳалар доирасида юридик шахсларнинг ишлар ва хизматлар кўрсатишдан топилган даромадидан олинадиган фойда солиғидан озод этилди:

  • Ўзбекистон президентининг 2010 йил 16 апрелдаги ПҚ-1324-сон қарори билан тасдиқланган «Навоий ва Бухоро вилоятлари туман марказларини туташтирган ҳолда Дамхўжа ҳудудлараро сув қувурини модернизация қилиш. Термиз шаҳрининг канализация тизимини реконструкция қилиш» лойиҳаси;
  • Ўзбекистон президентининг 2010 йил 30 июлдаги ПҚ-1378-сон қарори билан тасдиқланган «Қўқон ва Андижон шаҳарларининг сув таъминоти ва канализация тизимини ҳамда Фарғона, Марғилон шаҳарлари ва Риштон тумани марказининг сув таъминоти тизимини реконструкция қилиш» лойиҳаси.

Молия вазирлиги ҳузуридаги «Тоза ичимлик суви» жамғармаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш жамғармасига айлантирилди ва унга канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш дастурлари ва лойиҳаларини молиялаштириш бўйича қўшимча вазифалар юкланди.

Жамғарманинг 248,1 миллион АҚШ доллари миқдоридаги дастлабки капитали қуйидаги манбалар ҳисобидан шакллантирилади:

  • 2019 йилги Ўзбекистон Давлат бюджети доирасида сув таъминоти ва канализация тармоқларини қуриш ҳамда модернизация қилишга йўналтириладиган капитал қўйилмалардан — 131,8 миллион АҚШ доллари эквивалентида;
  • халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг имтиёзли кредитларидан — 95,6 миллион АҚШ доллари миқдорида;
  • 2019 йил бошида белгиланадиган Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар бюджетлари, Тошкент шаҳар бюджети маблағларининг бўш қолдиқларидан — 20,7 миллион АҚШ доллари эквивалентида.

Хорижий маслаҳатчиларни жалб этган ҳолда, Тошкент шаҳри сув таъминоти ва канализация тизимини модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳаси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида амалга оширилади.

2019 йил 1 апрелгача Андижон, Наманган, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида Швейцария ҳукуматининг грантлари иштирокида амалга оширилган тажриба лойиҳалари асосида сув таъминоти ва канализация объектларини бошқариш ҳамда улардан фойдаланишнинг тажрибадан ўтказилган ушбу шакллари бошқа қишлоқ аҳоли пунктларида ҳам татбиқ этилади.

2019 йил 1 июлгача Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларида сув таъминоти ҳамда канализация тизимлари давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга берилади.

Сув таъминоти ва канализация соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисида шартнома тузган юридик шахслар тегишли шартнома имзоланган санадан бошлаб 3 йил муддатга ягона ижтимоий тўловдан бошқа барча турдаги солиқлар ва мажбурий тўловлар, республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва материалларни олиб келишда божхона тўловларини (божхона расмийлаштируви учун йиғимлардан ташқари) тўлашдан озод этилди.

Канализация хизматлари учун тарифларга миқдори Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳудудий молия органлари билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган махсус устама пули белгиланади.

Тўртта ҳудудлараро филиаллар негизида мамлакатнинг барча ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) «Сув таъминоти ва канализация объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУКнинг ҳудудий бошқармаларини ташкил этилади.