Тошкент ҳарбий округининг «Чирчиқ» дала-ўқув майдонида 25 ноябрдан 28 ноябрга қадар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари иштирокида йиғин ўтказилди, дея хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Ўтказилган йиғинда вазирлар, уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар ва бошқа даражадаги раҳбарларга Ўзбекистон президентининг 4 августда имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги қароридан, Мудофаа доктринасидан, минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан келиб чиқадиган вазифалар бўйича маърузалар ўқилди.

Малакали ҳарбий мутахассислар мамлакат мудофаа салоҳиятини оширишда зарур бўлган кўплаб йўналишлар бўйича чиқишлар қилди. Амалий ҳарбий машғулотлар, миллий армиямиз қурол-аслаҳаси, ҳарбий техника намойишида иштирок этди. Раҳбар ходимлар полигонда, ҳарбий ҳаёт ичида тўрт кун яшаб, назарий ва амалий машғулотларни кузатди, турли қурол намуналаридан амалда ўқ отишди.

28 ноябрь куни эрталаб Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-маёр Абдусалом Азизов йиғин ёпилишига бағишланган тадбирда иштирокчиларга тантанали равишда сертификатлар топширди.

Мудофаа вазирлигининг эслатиб ўтишича, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, корхона, муассаса, ташкилотлар катта-кичик раҳбарларининг мудофаа соҳасидаги иштирокига Ўзбекистон президенти 2017 йили Самарқандда ўтказилган видеоселектор йиғилишида танқидий баҳо берган эди.

Муаммога ечим сифатида 2017 йил 12 декабрда президентнинг ҳарбий-маъмурий секторлар хусусида фармони имзоланди.

Ўзбекистон президентининг фармойишига кўра, жорий йилдан бошлаб Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотлари раҳбарларининг йиллик йиғилиши ўтказилиши белгиланди.

Фото