Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судида ўта оғир жиноятлар туркумига кирувчи, жуда катта миқдордаги пулни алдов йўли билан қўлга киритган фуқаро суд қилинди, дея хабар қилди жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг раиси Ғолиб Эргашев «Газета.uz"га.

Аввал ИИБ ходими, сўнгра Ангрен шаҳар ҳокимиятининг уй-жой ширкатлари уюшмаси раиси бўлиб бўлиб ишлаб келган Карим (исмлар ўзгартирилган) олтинчи марта судланди.

У Комила исмли аёлдан онасига Ангрен шаҳридаги 18/19-даҳада жойлашган хонадоннинг ўрнига берилган Бунёдкор кўчасидаги хонадонлардан бирининг ҳужжатларини расмийлаштиришда ёрдам бериш эвазига 1100 доллар хизмат ҳақи сўрайди.

Кўп ўтмай ўзи яшайдиган маҳаллада «Ангрен шаҳар ҳокимлиги томонидан таъмирга муҳтож бўлган, эгасиз ҳамда коммунал тўловлардан катта қарздорлиги бор кўп қаватли уйлар қарзни тўлаган шахсларга расмийлаштириб берилармиш. Талабгорлар уй-жой ширкатлари уюшмаси раисига учрашиши керак экан», деган маънодаги ёлғон хабарларни тарқатади.

Бу хабарни эшитиб, биринчи бўлиб келган Фотима деган аёлга уй-жойларнинг рўйхатини кўрсатади ва уни шаҳарнинг 2/2-даҳасидаги 31-уй, 29-хонадонга бошлаб боради. Бу хонадон чиндан ҳам, таъмирталаб аҳволда бўлади.

Фирибгар уйни расмийлаштириш учун олдиндан тўловни амалга ошириш зарурлигини айтаркан, аёлга 6,5 млн сўм олиб келишини тайинлайди. Шундан сўнг уйнинг калитини олиб бемалол яшаши мумкинлигига аёлни ишонтиради.

Уч хона уй керак бўлган навбатдаги қурбон — Ноила исмли «қарздорлиги 2 минг долларни ташкил этувчи» 5/1Б даҳасидаги 15-уйнинг 2-қаватидан 3 хонали уйни топгани, бироқ ҳозир у ерда кимдир яшаётгани, аммо тез орада чиқиб кетишини айтиб, бироз сабр қилиб туришга кўндирди. Унинг сўзларига ишонган Ноила уйни бориб ҳам кўрмасдан унга 2 минг долларни тутқазади. Карим Ноиланинг содда ва ишонувчанлигидан фойдаланиб, уни яна чув туширди. Бу гал у Ноилага яна арзон нархда 3 хонали уй борлигини айтди. Ноила бу уйни ҳам сотиб олишини билдириб, унга 2 минг долларни санаб берди. Орадан бор-йўғи икки кун ўтгач, у Ноилага шаҳарнинг 5/1Б даҳасида арзон нархда уй чиқиб қолгани, зудлик билан банд қилиб қўймаса, бошқа кишининг қўлига ўтиб кетишини айтиб, яна 1,5 минг доллар пулини олади. Шундай қилиб, Ноиланинг жами саккизта уй учун 12,5 минг доллари ҳамда 6 млн сўмини алдов йўли билан қўлга киритди.

Фирибгар ўзининг алдови қурбони бўлган одамларни 100 минг 900 доллар ва 78 млн сўмга чув туширди.

У ўзининг фирибгарлик қилмишини амалга оширишда уй-жойнинг шахсий мулк эгалигини тасдиқловчи 22 та қалбаки давлат далолатнома тузган.

Суд томонидан олтинчи марта судланаётган бу кимсага адолатли жазо тайинланди, у энди умрининг 9 йилу олти ойини панжара ортида ўтказадиган бўлди.