Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон президентининг собиқ матбуот котиби Комил Алламжонов Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги раҳбари в.б. этиб тайинланди.

Куни кеча Алламжонов янги лавозимдаги ишига расман киришди. Бу ҳақда у ўзининг фейсбукдаги саҳифаси орқали хабар берди.

«Янги жамоа билан илк учрашув. Бош вазир ўринбосари, Молия вазири Жамшид Анварович Қўчқоров таништирди.

Ҳаяжонли ва масъулиятли лаҳзалар. Оммавий ахборот воситаларининг аҳамияти, уларнинг фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги роли ва ҳиссаси беқиёс.

Мамлакатимиз раҳбари юртимизда сўз эркинлигига катта эътибор қаратмоқда ва бу борада ўз ҳиссамни қўшиш мен учун шараф ва масъулиятли вазифадир.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентилиги раҳбарлигини менга ишониб топширишар экан, мен ушбу муассаса журналистлар фаолиятининг эркинлигини кафолатловчи ҳамда сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантиришга кўмаклашувчи ташкилот сифатида шаклланишига бор кучимни сафарбар этишга ҳаракат қиламан.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини ҳаётга кенг татбиқ этиши лозим:

«…олдимизда оммавий ахборот воситалари ходимларининг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг мураккаб ва масъулиятли фаолиятларини муносиб баҳолаш, соҳани янада ривожлантиришга эътибор қаратиш каби муҳим вазифалар белгиланган».

«Биз нашриёт, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда ошкоралик, объектив таҳлил ва танқидий муҳитни, шунингдек, журналистларимизнинг хориж манбаларидан кенг фойдаланиш имкониятларини оширишни қўллаб-қувватлаймиз.

«ОАВ фақатгина тилда эмас, ҳақиқатда ҳам тўртинчи ҳокимиятга айланиши лозим».