Эндиликда чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кўп марталик кириш-чиқиш визаларини эндиликда 3 йилгача муддатда расмийлаштириш мумкин. Вазирлар Маҳкамасининг 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарорида бу ҳақда сўз боради.

Қарорда уч йилгача муддатга виза учун 300 АҚШ доллари миқдорида тўлов ундирилиши белгиланди. Илгари ушбу визаларни узоғи билан бир йилгача бўлган муддатга расмийлаштириш мумкин бўлган.

Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни давлат рўйхатидан ўзи бориб ўтказганлик учун давлат божи ЭКОИҲнинг 32 баробаридан 10 баробарига қадар туширилди.

Қарорда қайд этилишича, инвестиция киритиш вақтида Ўзбекистонда ўрнатилган ЭКОИҲнинг 8500 баробаридан кам бўлмаган миқдордаги хўжалик жамиятлари улушлари ва акцияларини сотиб олиш, шунингдек хорижий корхона ташкил этиш шаклида Ўзбекистонга инвестиция киритган чет элликларга кўп марталик виза берилади ва унинг амал қилиш муддати Ўзбекистон ҳудудидан чиқиш заруриятисиз чекланмаган миқдорда узайтирилади.