Ўзбекистон йил сўнгига қадар суверен кредит рейтингини олиш, 2019 йилнинг биринчи чорагида эса ташқи бозорга облигацияларни чиқаришни режалаштирмоқда, деди молия вазири Жамшид Қўчқоров.

29 ноябрь куни Тошкентда 2019−2021 йилларда тузилмавий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари «йўл харитаси» тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, мамлакат ҳукумати, халқаро бизнес ва экспертлар жамоаси вакиллари иштирок этдилар.

Бош вазир ўринбосари айни пайтда ҳукумат учта рейтинг агентлиги — Fitch, Moody’s, Standard & Poors билан иш олиб бораётганини маълум қилди. «Албатта, улар қандай баҳо беришларини айтишмайди. Бизда объектив камчиликлар ва объектив ютуқлар бор», — деди у.

Бош вазир ўринбосари камчиликлар қаторида Ўзбекистон ЯИМнинг аҳоли жон бошига тақсимоти ҳажмининг пастлиги, мамлакатнинг қатор рейтинглардаги ўрни қуйида экани ёки умуман йўқлигини санаб ўтди. Ютуқлар қаторида эса ташқи қарз миқдорининг пастлиги — ЯИМнинг 24 фоизгачасини ташкил этиши, олтин-валюта захиралари ҳажмининг юқорилиги ҳамда ислоҳотларга сиёсий ироданинг кучли эканини айтди.

«Биринчи чоракда [2019 йил], бу йил ўхшамайди, инвесторлар ўз китобларини ёпишди», — деди бош вазир ўринбосари Ўзбекистон ҳукуматининг облигацияларни ташқи бозорга чиқаришнинг эҳтимолий муддатлари тўғрисида.

Жамшид Қўчқоров «бозор олдиндан хулоса чиқармаслиги учун» қанча ҳажмда облигациялар чиқарилиши борасида маълумот бермади. «Иккиламчи бозорда айлана олиши, нархи мақбул бўлиши учун ҳажм кичик бўлмаслиги керак», — дея қўшимча қилди бош вазир ўринбосари.