Мустақил номзод Саломе Зурабишвили Грузия президентлигига сайловда ғалаба қозонди, дея хабар қилди РИА Новости. Шундай қилиб, у мамлакатдаги илк аёл президентга айланди.

Марказий сайлов комиссиси маълумотларига кўра, 66 ёшли Зурабишвили 59,52 фоиз, рақиби Григол Вашадзе эса 40,48 фоиз овоз тўплади.

Янги сайланган президент Москва ва Ғарб ўртасида мувозанатли муносабатларни ўрнатиш тарафдори, дея қайд этди BBC рус хизмати. Унинг рақиби эса Ғарб билан яқин бўлишни қатъий ёқлаган.

Президентлик ваколати муддати олти йилни ташкил этади. Бу тўғридан-тўғри овоз бериш орқали ўтган сўнгги сайловдир, келгусида давлат раҳбарини 300 нафар делегат тайинлайди.

Инаугурация маросими 16 декабрь куни бўлиб ўтади.

Саломе Зурабишвили Парижда грузин сиёсий муҳожирлари оиласида туғилган. 30 йилдан зиёд вақт Франция ТИВ тизимида ишлаган. 2004 йилдан 2005 йилгача Грузия ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият кўрсатган.

2013 йилда ҳам у Грузия президентлиги учун номзодини илгари сурган, бироқ у Франция ва Грузия фуқаролигига эга бўлгани учун рад жавобини олган. Августда Саломе Зурабишвили давлат раҳбари сайловида иштирок этиш учун Франция фуқаролигидан воз кечди.