Афғонистон бўйича халқаро конференцияда иштирок этаётган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 28 ноябрь куни Женевада Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва уларни кенгайтиришнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда икки давлат президентларининг раҳбарлиги остида ва шахсан иштироки натижасида кўп қиррали ва ўсувчан аҳамият касб этиб бораётган Ўзбекистон — Афғонистон мулоқотининг изчил ривожланаётгани эътироф этилди.

Муҳаммад Ашраф Ғани Ўзбекистоннинг Афғонистондаги тинчлик ва ҳамжиҳатликка кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади ҳамда мамлакатдаги йирик инфраструктура ва ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишдаги қўллаб-қувватлаш ва иштирок учун миннатдорчилик изҳор этди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.