Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Чирчиқ дала ўқув майдонида юқори даражадаги жанговар шайликка келтирилган бўлинмаларнинг махсус-тактик машқларини кузатди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълумки, Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисмларининг жанговар тайёргарлигини комплекс текшириш мақсадида 26 ноябрь тонгда «Тревога!» сигнали берилганди. Шу пайтгача мамлакатимиз армиясида бундай кенг кўламли тўсатдан текширув ўтказилмаганди.

Сигналдан сўнг Мудофаа вазирлиги марказий аппарати, барча ҳарбий округ ва бўлинмаларда зарур ташкилий ишлар амалга оширилди. Ҳарбий полигонларда бир нечта махсус-тактик машғулотлар ўтказилди.

Чирчиқ дала ўқув майдонида ўтказилган машғулотларда ҳаво-десантчилари, артиллериячилар, мотоўқчилар, танкчилар, махсус операция кучлари ҳамда Ҳарбий ҳаво кучлари бўлинмалари қатнашди.

Шартли душман базаларига ва у жойлашган ҳудудларга Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳаво кучлари таркибидаги қирувчи самолётлар ва вертолётлардан зарбалар берилди.

Шундан кейин жанг майдонида зирҳли қалқон танкчилар бўлинмаси пайдо бўлди. Улар танк биатлонида қўлланиладиган «Сувли тўсиқ», «Эскарп» ва «Тирсакли кўприк"дан моҳирона ўтиб, белгиланган маррани эгаллади.

Мудофаа операциясини олиб бориш жараёнида, шартли оғир яраланган ҳарбий хизматчиларни жанг майдонидан олиб чиқиш, вертолётда эвакуация қилиш жараёни намойиш этилди.

Замонавий жанговар вертолётлар шахсий таркибни белгиланган ҳудудга десантлаштирди. Парашют-десант батальони хизматчилари марралар оралиғидан суқулиб кирган шартли душманни умумқўшин захира куч ва воситалари билан яксон қилиш вазифасини муваффақиятли бажарди.

Махсус-тактик машғулотлар ҳарбийларимизнинг юксак профессионал маҳоратини, юқори жанговар шайлигини, бир тану бир жон бўлиб ҳаракатланишини намоён этди.

Машғулотларни ҳарбий-маъмурий секторлар, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳам кузатиб борди.

Президент Шавкат Мирзиёев полигон ёнидаги ҳарбий қисмда яратилган шароитларни, қурол-аслаҳа ва техникаларни кўздан кечирди. Мудофаа тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлардан мақсад мамлакатимиз хавфсизлигини мустаҳкамлаш, халқимиз тинчлигини таъминлаш эканини таъкидлади.

Ватанпарварлиги, профессионаллиги билан алоҳида намуна кўрсатган полковник Қодир Турсуновга автомашина, ҳарбий хизматчиларга планшетлар совға қилинди.

Шу ерда ҳарбий-маъмурий секторлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари билан йиғилиш ўтказилди.