Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг собиқ бош котиби Пан Ги Мун 26 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди, дея хабар қилди ЎзА.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Пан Ги Мун раҳбарлигидаги Жанубий Корея ҳукумати ва ижтимоий соҳа вакилларидан иборат делегация аъзоларини қабул қилиш маросими ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари О.Ҳамроев меҳмонни Қорақалпоғистонга ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлатлари ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганига тўхталиб ўтди.

БМТнинг собиқ бош котиби Орол фожиасидан жабр кўраётган халққа амалий ёрдам кўрсатиш, турли соҳаларда алоқаларни янада ривожлантиришга барча куч-шижоатини сафарбар қилишини маълум қилди.

Жанубий Корея Республикаси делегациясининг Қорақалпоғистонга сафари давомида Нукус шаҳрида «Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни яхшилаш масалалари ва ушбу жараёнда корейс диаспорасининг аҳамияти» мавзусида халқаро форум ўтказиш режалаштирилган.