23 ноябрь куни Россия Федерациясининг Казань шаҳри Жанубий автостанциясидан йўлга чиққан автобус 26 ноябрь куни Тошкент автовокзалига етиб келди, дея хабар қилди ЎзА.

«Тошкент — Казань — Тошкент» халқаро автобус йўналиши масофаси 2651 км бўлиб, йўналишга сарфланадиган вақт 43 соатни ташкил этади. Йўналишнинг ҳаракат жадвали бўйича Ўзбекистоннинг «Ғишт кўприк» чегара маскани, Қозоғистоннинг «Жибек жоли» ва «Жайсан» чегара масканлари ҳамда Россиянинг «Сагарчин» чегара масканлари орқали ўтиш вақти 30 дақиқа давомида йўловчилар рўйхатдан ўтказилади.

Мазкур халқаро автобус йўналишида Ўзбекистон томондан «Ўзавтотранс сервис» МЧЖ ва Россия Федерацияси томонидан яъни Казань томондан «Мир Транспорта» МЧЖлар фаолият кўрсатади.

Ушбу йўналишда ҳафтасига икки маротаба сешанба ва жума кунлари қатновлар амалга оширилади. Йўналиш бўйича йўл кира ҳақи тарифи Ўзбекистон пул бирлигида 500 минг сўм, Россия пул бирлигида 5500 рубль этиб белгиланган. Қатновлар Хитойда ишлаб чиқарилган замонавий «YUTONG» русумли автобуслар амалга оширилмоқда.

«Ўзавтотранс сервис» МЧЖ ва «Мир Транспорта» МЧЖлар томонидан Россия Федерацияси ҳудуди Казань шаҳрида йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш учун автобусларни техник кўрикдан ўтказиш, ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва автобусларни санитария талабларига мос холга келтириш бўйича икки томонлама шартнома имзоланган.