Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармойишига мувофиқ, бугун, эрта тонгда Мудофаа вазирлиги қўшинлари ўқув тревогаси бўйича кўтарилди. Бу ҳақ Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Мазкур тадбирда Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлиги текширилади. У беш кун давом этиб, тўрт босқичда амалга оширилади. Машғулотлар даомида Мудофаа вазирлиги Марказий аппаратининг бошқарувни амалга ошириши ҳамда қўшинларни юқори даражадаги жанговар шайликка келтириши, шунингдек, бўлинмаларнинг уюшқоқлик билан белгиланган жойларга чиқиб кетиши ва тезкор вазифаларни бажаришга тайёр эканлиги билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунга қадар ҳарбий хизматчиларнинг жанговар шайлиги, ҳарбий техника қурол-яроғ ва моддий-техника воситалари билан таъминланганлик даражаси бу каби кенг кўламли текширувдан ўтказилмаган, дейилади хабарда.

Комплекс текширувларнинг асосий вазифаси Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисм ва муассасаларнинг жанговар шайлигини ҳамда белгиланган муддат ичида юклатилган вазифаларни бажариш имкониятлари баҳолаш, ўтказилаётган ҳарбий ўқувларда командирлар таркибининг жанговар топшириқларни бажариш, ҳужжатлар билан тўлиқ ва ўз вақтида ишлаш кўникмасини синовдан ўтказишдан иборат.