25 ноябрь куни Ўзбекистоннинг фавқулодда ва мухтор элчиси Улуғбек Максудов Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Саудга ўз ишонч ёрлиқларини топширди, дея хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

Ар-Риёз шаҳридаги ал-Ямама подшоҳлик саройидаги тантанали маросимдан сўнг подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд билан суҳбат бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон Саудия Арабистони учун минтақадаги дўстона, ишончли ва истиқболли шерик эканлигини таъкидлади ҳамда унинг мамлакати Саудия — Ўзбекистон муносабатларини томонларни қизиқтирган барча йўналишларда сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Подшоҳ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ўзининг чуқур эҳтиромини етказиб қўйишни сўради ва мамлакатимиз раҳбарини ўзига қулай бўлган вақтда Саудия Арабистонига расмий ташриф билан келишга таклиф этди.