8 декабрдан Тошкентда марказий иситиш ва иссиқ сув тарифлари 9,1 фоизга оширилади, дея хабар қилди «Тошиссиққуввати» корхонаси матбуот хизмати. Нархларнинг оширилиши энергия ташувчилари ва материаллари нархининг ўсиши билан изоҳланмоқда.

Аҳоли учун иссиқ сув таъминоти учун янги тариф ҳисоблагич бўлган тақдирда бир куб метр сув учун 4765,20 сўм (ҳозирда — 4332 сўм, ўсиш — 9,1 фоиз), ҳисоблагич мавжуд бўлмаганда ойига киши бошига 18609,24 сўм (ҳозирда — 16917,49 сўм), умумий душли ётоқхоналарда эса киши бошига 13843,47 сўм (ҳозирда — 12584,98 сўм) этиб белгиланди.

Марказлашган иситиш тарифи иситиладиган майдоннинг ҳар бир квадрат метри 1464,53 сўмдан 1610,99 сўмга оширилади.

Бунга қадар иссиқ сув ва иситиш тарифлари 2018 йилнинг май ойида ошган эди.

Эслатиб ўтамиз, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда электр энергияси тарифлари 16 ноябрда ва 2019 йилнинг 1 июнида икки марта оширилади. Автобензин ва дизел ёқилғиси нархлари ҳам 16 ноябрда оширилган эди.