Яқинда жиноят ишлари бўйича Тошкент тумани судининг тумандаги «Соҳибкор» ма­ҳал­ла фуқаролар йиғинидаги очиқ суд мажлисида Бўка туманида яшайдиган Рустамали Эрматовнинг иши кўриб чиқилди. Қозоғистон Республикасига бориб ишлашни ният қилган фуқаро жиноий қилмиши учун қонун олдида жавоб берди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Тошкент тумани судининг раиси Мирали Мирраҳимов «Газета.uz"га маълум қилди.

Жорий йилнинг 7 сентябрь куни қонуний равишда Қозоғис­тон Республикаси ҳудудига ўт­ган Р. Эрматов Чимкентдаги боғда, Ихтиёр исм­ли йигитнинг қў­лида ёлланма ишчи сифатида ишлай бошлайди.

Қисқаси, боғда турли хил юмушларни бажариб юрган Рустамали Ихтиёр билан келишолмай қолади. Шунда Ихтиёрнинг таниши Шавкат унинг фу­қаролик паспортини олиб қўяди. Рустамали қў­лида фуқаролик паспорти бўл­маса-да, Ўзбекистонга қайтиш ҳаракатига тушади ва 11 сентябрь куни соат 22:30 атрофида «Ғишт кўприк» чегара пос­ти яқинидаги тиканли симлар орасидан ноқонуний равишда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ўтаётганида чегарачилар томонидан қўлга олинади.

Бундай хатти-ҳаракат Рустамали Эрматовга қимматга тушди. У энг кам ойлик иш ҳақининг етти баравари, яъни бир миллион икки юз тўқсон минг сўм жарима тўлайдиган бўл­ди.


,