Ўзбекистон Бош прокуратураси Жиззах вилояти Дўстлик туманида «Баратов Санжар» фермер хўжалиги раҳбари Санжар Баратовнинг 6 ноябрь куни ўз жонига қасд қилиши ҳолати бўйича тўлиқ тафсилотларни эълон қилди.

Қайд этилишича, фуқаро Санжар Баратов 6 ноябрь куни соат тахминан 11:30 ларда яшаш хонадонининг қўшимча қурилган омборхонадасида арқон билан ўзини-ўзи осиб, ўз жонига қасд қилиши натижасида воқеа жойида вафот этган.

Интернет ижтимоий тармоқларида Санжар Баратовнинг ўз жонига қасд қилишига Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан мол-мулклари мусодара қилингаи сабаб бўлган кўрсатилган. Шунга асосан, МИБ ходимлари томонидан фуқаронинг уйида ўтказилган ижро ҳаракатларининг қонунийлиги ўрганилди.

Ўрганишда С.Баратов 2017 йил ҳосилдорлиги учун ажратилган 104,6 млн имтиёзли кредитдан АТБ «Агробанк» туман филиалидан 58,1 млн сўмлик қарздорлиги мавжуд бўлгани, Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг 2017 йил 25 декабрдаги ҳал қилув қарорига кўра, фермер хўжалиги ҳисобидан АТБ «Агробанк» Дўстлик тумани филиали фойдасига 58,1 млн сўм ундириш белгиланган.

Суднинг мазкур қарори 26 январдаги ижро варақаси билан мажбурий ижро бюросининг Дўстлик тумани бўлимига келиб тушган. Давлат ижрочиси Ш. А. 22 февраль куни иш юритувга олган ва қарздор С.Баратовга қарздорликни тўлаш учун 5 кунлик ихтиёрий муддат берилган бироқ, қарздорлик тўлаб берилмаган.

Ижрони таъминлаш мақсадида МИБ вилоят бошқармаси бошлиғининг 20 октябрдаги буйруғига асосан 27 октябрь куни бюронинг Жиззах шаҳар бўлими давлат ижрочилари Ш. М. ва О.К. қарздор С.Баратовнинг яшаш хонадонига холислар Д.Я. ва Д.Н. билан биргаликда борган ва қарздорнинг уйидан онаси Г. Б. иштирокида ўлчами 3×4 метр бўлган 1 дона гилам далолатномага асосан расмийлаштириб олинган.

Ушбу гилам фермер хўжалиги балансида бўлмагани аниқланиб, 8 ноябрь куни Санжар Баратовнинг оила аъзоларига қайтарилган.

Бундан ташқари, Дўстлик туманлараро иқтисодий судининг 24 октябрдаги ҳал қилув қарорига кўра «Баратов Санжар» ФХ ҳисобидан АТБ «Агробанк» Дўстлик тумани филиали фойдасига 220,1 млн сўм ундириш белгиланган.

Ўрганишда Баратов 2018 йил ҳосилдорлиги учун ажратилган 271,6 млн имтиёзли кредитдан АТБ «Агробанк» туман филиалидан 220,1 млн сўмлик қарздорлиги мавжуд бўлгани аниқланган.

Суднинг мазкур қарори 24 октябрдаги ижро варақаси билан мажбурий ижро бюросининг Дўстлик тумани бўлимига келиб тушади ва давлат ижрочиси Ш. А. 24 октябрда иш юритувга олиб, қарздорга қарздорликни тўлаш учун 15 кунлик ихтиёрий муддат бериш юзасидан ижро иши қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Мазкур ижро иши юзасидан хизмат сафарига юборилган МИБ Жиззах шаҳар бўлими давлат ижрочилари Т.Н. ва Х.М. 5 ноябрда қарздорнинг уйига ажрим билан таништириш ва унинг ижросини таъминлаш учун борганида қарздор уйида бўлмагани сабабли унинг онаси Г. Б.га қарздорликни тўлаши юзасидан тушунтириш берилган.

Бундан ташқари терговга қадар текширишда, «Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 28 февралдаги президент қарорининг 3-бандида белгиланган пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг 2018 йил 1 январь ҳолатига қарздорликларини тўлаш муддати 3 йилга узайтирилиши ҳақидаги талаблари ва «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги қонун талабларига риоя қилинганлигини ўрганиш мақсадида МИБ Жиззах вилояти бошқармасига хизмат текшируви тайинланган.

Ўтказилган хизмат текшируви хулосасига кўра, президент қарорида 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликларининг ҳосил бўлган қарзлари, шу жумладан, ички тармоқ қарздорлиги ҳамда бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари олдидаги қарзларини тўлаш муддати ҳисобланган пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилган ҳолда 3 йил муддатга узайтирилганлиги кўрсатилганлиги, қарор билан фермер хўжаликларининг банк олдидаги қарздорлигини тўлаш муддати кечиктирилмаганлиги, ҳар иккала ижро иши юзасидан давлат ижрочилари томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қонун нормалари бузилгани аниқланмаган.

Ушбу ҳолат юзасидан тушунтириш берган марҳумнинг онаси Г. Б. давлат ижрочилари яшаш хонадонига икки маротаба келгани, ҳар иккала ҳолатда ҳам марҳум ўғли С.Баратов уйда бўлмагани, ижрочилар томонидан руҳий ёки жисмоний тазйиқ ўтказилмаган, ижро ҳаракатлари давомида ижрочилар томонидан 27 октябрда бир дона 3×4 метр ўлчамдаги гилам олиниб, 8 ноябрь куни қайтариб берилгани, хонадонидан бошқа нарса олиб чиқиб кетилмаганини билдирган.

Ушбу ҳолатни марҳумнинг отаси, укаси, турмуш ўртоғи ҳам тасдиқлаб, шу мазмунда тушунтириш беришган.

Ҳозирда терговга қадар текширув Дўстлик туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда, унинг бориши бир ойга узайтирилган.