24 ноябрь куни Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Хорижий мутахассислар билан меҳнат шартномалари (контрактлар) тузиш тўғрисида иш берувчининг таклифларини кўриб чиқиш бўйича Эксперт комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди ЎзА вазирлик матбуот хизматига таяниб.

Йиғилишни Жисмоний тарбия ва спорт вазири, эксперт комиссияси раиси Дилмурод Набиев олиб борди ва кун тартибидаги масала сифатида оғир атлетика, спорт курашлари, таэквондо WTF ва гимнастика спорт турлари бўйича федерациялар (ассоциацияси) томонидан таклиф қилинаётган хорижлик мураббий номзодлар билан шартномалар тузиш масаласи муҳокама қилинди.

«Хорижлик мураббийларни жалб этишда айрим спорт турлари билангина чекланиб қолмаслигимиз лозим. Айниқса, малакали мутахассислар танқис ва етарли натижаларга эришилмаётган спорт турлари бўйича малакали хорижлик мутахассисларни жалб этишимиз керак бўлади. Янги шартнома тузилаётган хорижий мутахассислар тажрибасидан 2020 йил Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган 32-ёзги Олимпия ўйинларига муносиб спортчиларни тайёрлаш борасида унумли фойдаланиш зарур.» — деди Дилмурод Набиев.

Якунда юнон-рум кураши бўйича грузиялик тренер Заза Силагадзе, гимнастика бўйича россиялик тренер Екатерина Пирожкова ва оғир атлетика бўйича туркманистонлик тренер Артур Эмирян билан шартнома тузишга қарор қилинди.