Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги битирувчиларни ахборот технологиялари соҳасидаги касблар учун зарур бўлган дастлабки кўникмаларга эга ҳолда тайёрлаш мақсадида информатика бўйича мактаб таълим дастурларини қайта кўриб чиқишга қаратилган IT-Nation лойиҳасини амалга оширишга киришди. Бу ҳақда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов шанба куни GDG-Tashkent — DevFest фестивали очилишида маълум қилди.

Ахборот технологиялари соҳаси дунёда энг тезкорлик билан ривожланаётган йўналишлардан бири бўлиб, Ўзбекистон ҳам АКТ соҳасида дастурлар ва хизматларни ишлаб чиқариш ва экспорт қилишга қодир мутахассисларни тайёрлашга эътибор қаратиши лозим, деди вазир. Шуни ҳисобга олган ҳолда ХТВ информатика бўйича ўқув дастурлари ва дарсликларни замон талабларига мослик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишни бошлади.

IT-индустрия ёшларга мактабни битирганидан сўнг мамлакатни тарк этмаган ҳолда интернет орқали иш топиш ва муносиб пул ишлашлари учун катта имкониятларни тақдим этиши мумкин. Ҳозирда бир қанча университетлар мазкур соҳада мутахассислар тайёрламоқда, бироқ халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, болаларга дастурлаш асосларини мактабданоқ ўргатиш лозим, деди ХТВ раҳбари.

«Ҳозирда ўқув дастурлари дастурчиларни эмас, балки тайёр дастурий таъминот фойдаланувчиларини тайёрлашга қаратилган. IT-Nation лойиҳаси мақсади — мазкур вазиятни ўзгартириш ва бўлғуси дастурчиларни тайёрлаш, бўлғуси касбни ўзлаштириш учун имкониятлар яратишдан иборат», — деди вазир.

Шерзод Шерматов IT-ҳамжамиятни информатика бўйича ўқув дастурларини қайта кўриб чиқишда иштирок этишга чақирди. Унинг таъкидлашича, соҳа вакиллари 5−10 йилдан кейин қандай мутахассислар ва қандай кўникмаларга талаб бўлишини яхши билади. IT-соҳалар вакиллари ишчи гуруҳ таркибига киришлари ёки ўз таклиф ва ғояларини informatikauz@gmail.com ва informatika@xtv.uz электрон почталарига юборишлари мумкин.

Вазир ёшларни ўз олдиларига улкан мақсадлар қўйишга чақириб, беш йил муқаддам Ўзбекистондаги энг яхши ОТМлардан бирига айлантиришни мақсад қилиб ташкил этилган Тошкентдаги Инҳа университетидан мисол келтирди. Бугун университет энг яхши абитуриентлар интиладиган жойга айланди.

DevFest, бу — Google компанияси кўмагида Google Developers Group ҳамжамияти ўтказадиган глобал тадбир. Унинг доирасида дастурчилар, IT-мутахассислар, талабалар ва замонавий технологияларга бефарқ бўлмаган инсонлар иштирокида Google`нинг сўнгги технологиялари ва ишланмалари тақдимотлари ҳамда муҳокамалари бўлиб ўтади.

GDG-Tashkent — DevFest фестивали GDG Tashkent гуруҳи, Тошкентдаги Инҳа университети ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан Google, АТ ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистондаги БМТТД кўмагида ўтказилмоқда.