Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Scopus Award энг яхши ўзбек олимларини мукофотлаш маросими бўлиб ўтди. Изланувчиларнинг илм-фан ривожига қўшган ҳиссаси тақриз қилинаётган илмий адабиётлар аннотацияси ва иқтибосларга қараб баҳоланди.

Дилшод Тўлаганов (Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети), Темурбек Усмонов, Бобомурод Аҳмедов (Ўзбекистон Фанлар академияси) «Researcher of the Year» («Йил олими») номинациясида ғолиб бўлди. «Women in Science» (Йил олимаси) номинацияси эса Шаҳло Турдиқуловага насиб қилди.

Олтита фан категорияларида ҳам энг яхши муаллифлар аниқланди. Иброҳим Абдураҳмонов қишлоқ хўжалиги, Олим Рўзимуродов инжиниринг ва технология, Рауфхон Салаходжаев гуманитар фанлар, Улуғбек Абдуфаттоев тиббиёт, Баҳром Умиров табиий фанлар, Хегай Татьяна ижтимоий фанлари бўйича мукофотланди.

Ғолибларга диплом ва статуэткаларни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва президент маслаҳатчиси Абдужаббар Абдувахитов топширди.

Scopus Award мукофоти — жаҳонинг нуфузли илмий мукофоти ҳисобланиб, Elsevier компаниясининг дунё миқёсидаги ташаббуси саналади. Мукофот олимларнинг сермаҳсул фаолиятини рағбатлантириш, зиёлилар мавқени кўтариш ҳамда ёшлар ўртасида илмий фаолият билан профессионал шуғулланишни оммалаштиришга йўналтирилган.