Ўзбекистон президенти 23 ноябрь куни «Кредиторларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда қайд этилишича, қонунчиликда белгиланган имконият бўлишига қарамай, банклар ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан автотранспорт воситаларидан бошқа кўчар мол-мулкни гаров сифатида қабул қилиш, шунингдек, гаров предмети қиймати кредит миқдоридан анча кўп бўлса ҳам, навбатдаги гаровни қабул қилиш амалиёти қўлланилмаяпти.

Қарор билан 2019 йил 1 январдан қуйидаги тартиб жорий этилади:

  • гаров билан таъминланмаган кредиторлар талабларини гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қондириш қарздор ўз мажбуриятларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ҳолларда гаров реестрига қарздорнинг мол-мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ёзув киритилган санага кўра календарь кетма-кетлигида амалга оширилади. Бунда, ушбу тартиб қарздорнинг ҳисобварағидаги пул маблағлари унга қўйилган барча талабларни қондириш учун етарли бўлмаган тақдирда, пул маблағларини ҳисобдан чиқариш навбатига татбиқ этилмайди;
  • гаров реестрига қарздорнинг мол-мулкига бўлган ҳуқуқлари тўғрисида ёзув киритган кредитор-гаровга олувчилар ўз талабларини қондиришда гаров реестрига тегишли ёзувни киритмаган кредитор-гаровга олувчиларга нисбатан устувор ҳуқуққа эга бўладилар;
  • мол-мулкни харид қилишни уни таъминот сифатида қўйиш эвазига молиялаштирган кредитор гаров реестрига тегишли ёзувни киритган тақдирда, ушбу мол-мулк ҳисобидан ўз талабларини қондиришда устувор ҳуқуққа эга бўлади;
  • навбатдаги гаровга қўйишга гаров реестрига тегишли ёзувни киритиш шарти билан аввалги гаровга олувчининг розилигисиз рухсат этилади;
  • гаровга қўювчи томонидан гаров предметини ижарага беришга гаров реестрига тегишли ёзувни киритиш ва бу ҳақда гаровга олувчини хабардор этиш шарти билан гаровга олувчининг розилигисиз рухсат этилади.

Қарор билан шартномада ўзгача қоида белгиланган бўлмаса, қарздорнинг мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун тақдим этилган мол-мулкидан фойдаланиш ёки уни сотишдан олинган ҳосил ва даромадларга кредиторнинг устувор ҳуқуқи татбиқ этилади.

Бундан ташқари, лизинг, бўлиб-бўлиб тўлашни назарда тутувчи олди-сотди, ижара ёки бошқа битимлар объекти бўлган ҳамда ушбу битимларда мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш учун қўйилган мол-мулкка гаров учун белгиланган ундирув қаратиш тартиби тадбиқ этилади.

Ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, гаров предмети ёки кредиторнинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш предмети сифатида қўйилган кўчар мол-мулкка ундирувни қаратишга суд буйруғи институти тадбиқ этилади.

Шунингдек, мамлакатда қуйидаги тартиб жорий этилади:

  • мол-мулк билан таъминланадиган мажбуриятни шу мол-мулк қийматидан қопланишини мумкин бўлган мажбуриятнинг максимал суммасини кўрсатиш йўли билан аниқлашга рухсат этилади;
  • мажбуриятлар бажарилишини мол-мулк билан таъминлашни назарда тутадиган битимлар, шу жумладан, гаров шартномаси мажбуриятлар бажарилишининг мулкий таъминоти предметини батафсил баён қилмасдан, уни умумий тавсифлаш орқали, жумладан, алоҳида тоифа бўйича тузилиши мумкин;
  • гаровга олувчилар ва бошқа кредиторларнинг талаб қилиш ҳуқуқини таъминлаш учун гаровга қўйилган ҳамда уларнинг талаблари бўйича ундирув қаратилган мол-мулк кредитга, бўлиб-бўлиб тўлашга, лизингга ёки қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа битимлар орқали реализация қилиниши, ижарага берилиши мумкин, суд қарорлари ва бошқа органлар қарорларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкни мажбурий реализация қилиш ҳоллари бундан мустасно.