Ўзбекистонда қарийб 23 минг фуқаронинг ноқонуний равишда қурилган уй-жойларига кадастр ҳужжатлари тайёрланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Худоёр Мелиев ЎзАга маълум қилди.

Кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ишлари Ўзбекистон бўйлаб ўтказилган «Ҳуқуқий ахборот кунлари"да адлия бўлимларининг бевосита кўмагида амалга оширилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни «Фуқароларни ижтимоий қўллаб қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияни ўтказиш тўғрисида"ги фармонни имзолаганэди.

Президент фармонига кўра, 2019 йил 1 майга қадар мазкур ҳужжат қабул қилинган вақтдан олдин қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштирилади.

«Ҳуқуқий ахборот кунлари"да, шунингде, 10 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиб, ҳал этилди. Жисмоний шахсларнинг меҳнат низолари, шу жумладан, ойлик иш ҳақини олиш масаласида қилган 1881 шикоят ўз вақтида қаноатлантирилди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатида судларга 14,8 млрд сўмлик даъво аризалари киритилган бўлса, шу кунгача уларнинг ярмидан кўпи қаноатлантирилган.

Адлия бўлимлари томонидан ижтимоий соҳа объектларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар натижасида 196 муаммоли ҳолат жойида бартараф этилди, ваколатли органларга 32 тақдимнома, 788 огоҳнома, 11 таклиф ҳамда бошқа чоралар киритилди.