Тошкент давлат юридик университетида 22 ноябрь куни «Интеллектуал мулк» кафедрасининг очилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ОТМ матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Кафедра Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов ҳамда Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ) бош директори Френсис Гарри ташаббуси билан ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, кафедрани ташкил этиш долзарблиги интеллектуал мулкни ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилишнинг муҳимлиги тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш зарурлиги билан боғлиқ.

Кафедранинг асосий йўналишлари — Ўзбекистонда интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш ва ҳимоя қилиш бўйича тадқиқотлар ҳамда қонунчиликка таклифлар ишлаб чиқишдан иборат. Бундан ташқари, кафедра мамлакат вакилларини Туриндаги ЖИМТ Академиясида ўқитиш ва чет эллик экспертларни жалб қилган ҳолда ўқув-методик базани яратади.

Кафедра бу соҳада ягона сиёсатни амалга оширувчи Ўзбекистон интеллектуал мулк агентлиги билан ҳамкорлик қилади.

Шунингдек, «Интеллектуал мулк» йўналиши бўйича бир йиллик магистратура очиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 14 ноябрдаги фармони билан Ўзбекистон МДҲ мамлакатларининг интеллектуал мулк бозорини шакллантириш ва ривожлантириш тўғрисидаги битимига қўшилган эди.