Андижон вилояти Избоскан тумани Ички ишлар бўлими тезкор вакили Илҳом Ҳайдаров кўчада номаълум шахслар томонидан калтакланиши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Ҳодиса 21 ноябрь куни тахминан 21:00 да Ҳайдаров (1989 й. т.) ҳамкасби С.Я. билан хизмат вазифасини бажараётган вақтда содир бўлди. Улар кўчада етти эркак — З. Т., С. Н., Ф. Ю., Э. Э., А. С., Х. М. ва А. Ж.нинг шахсига аниқлик киритиш мақсадида улардан ўзларини таништиришни сўрайди. Бироқ А.Ж. уларнинг талабига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатиб, телефон орқали укаси С.Ж. ва жияни З.Қ.ни ҳодиса жойига чақириб, улар билан бирга С.Я. ва Илҳом Ҳайдаровни калтаклайди. С.Я. тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган бўлса, Ҳайдаров ҳодиса жойида ҳаётдан кўз юмади.

Мазкур ҳолат бўйича вилоят прокуратураси томонидан А.Ж., С.Ж. ва З.Қ.ларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «г,л,п» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумондорлар ушланган.