Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 20 ноябрь куни Тожикистонда расмий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоиловни қабул қилди.

Тожикистон раҳбари сайтида хабар қилинишича, учрашувда икки мамлакат ҳамкорлиги, жумладан парламентлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Икки давлат муносабатлари стратегик ҳамкорликнинг янги даражасига кўтарилгани қайд этилди.

Нурдинжон Исмоилов Эмомали Раҳмонни Роғун ГЭСнинг биринчи агрегати фойдаланишга топширилгани билан табриклаб, мазкур ҳодиса Тожикистоннинг янги тарихига муҳрланиб, ушбу лойиҳа нафақат Тожикистон халқи, балки Марказий Осиё минтақасидаги барча халқлар учун ҳам муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Роғун ГЭСнинг биринчи агрегати 16 ноябрь куни Тожикистон президенти томонидан тантанали равишда ишга туширилди. Унда қатор мамлакатлар, жумладан Ўзбекистоннинг юқори лавозимли вакиллари иштирок этди.

Вахш дарёсидаги станциялар каскадида жойлашган Роғун ГЭСда ҳар бирининг қуввати 600 МВт бўлган олтита агрегатга эга бўлади. Умумий қуввати 3600 МВт (17 млрд киловатт/соатдан ортиқ) бўлган Роғун ГЭС минтақадаги энг йирик гидроэлектрстанцияларидан бирига айланади.