Қашқадарё вилояти Косон тумани «Аралиқ» маҳалласида яшовчи фуқаро Мажбурий ижро буюроси ходимлари, маҳалла посбони ва маҳалла участка нозиридан иборат ишчи гуруҳни уйга киритишни истамай қаршилик кўрсатади ва баланд овозда уларни ҳар хил сўзлар билан ҳақоратлайди. Ушбу ҳаракатидан фойда бўлмагач, болта билан уларни уйдан қувиб чиқармоқчи бўлади. Хуллас, хонадон эгаси ҳокимият вакилларини уйга киритмасликка қаттиқ қаршилик кўрсатади, дея хабар қилди ЎзА.

Аниқланишича, фуқаро яшаш уйининг ёрдамчи хўжалик биносида яширин равишда қўлбола усулда тайёрланган цех ташкил қилиб, чигитдан ёғ ҳамда кунжара маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқараётгани фош этилди. Ўтказилган тезкор тадбир давомида фош этилган 112 литр истеъмолга яроқсиз жувоз ёғи, жами 3,5 млн сўмлик маҳсулотлар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.


Фото: ЎзА

Бундан ташқари, фуқаро электр тармоғига ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда уланиб, 32 кун давомида давлат ва жамоат манфаатларига 3,2 млн сўмдан зиёд моддий зарар етказган.

Фуқарога нисбатан чигитдан олинадиган маҳсулотларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ва муомалаги киритиш жиноятини содир этганлиги сабабли Ўзбекистон Жиноят кодексининг тегишли моддалари ҳамда ҳокимият вакилининг қонуний ҳаракатига қаршилик кўрсатгани сабабли жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.